Путиннинг Қозоғистонга ташрифи: томонлар нималар ҳақида келишиб олди

Қозоғистон ва Россия раҳбарлари қўшма ҳаракатлар режаси, иссиқлик электр станцияларини қуриш, спорт соҳасидаги ҳамкорлик ва бошқа ҳужжатларни имзолади.

Россия президенти Владимир Путин 9 ноябр куни расмий ташриф билан Қозоғистонда бўлди.

Қозоғистон ва Россия раҳбарлари чекланган ва кенгайтирилган таркибда учрашувлар ўтказиб, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликни, шунингдек, икки давлатнинг халқаро майдондаги ўзаро ҳамкорлигини атрофлича муҳокама қилдилар.

Ташриф якунида Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Владимир Путин қуйидаги ҳужжатларни имзоладилар:

1. Қозоғистон ва Россия ўртасида ХХI асрда яхши қўшничилик ва иттифоқчилик тўғрисидаги шартнома имзоланганининг ўн йиллиги муносабати билан қўшма баёнот;

2. Қозоғистон ва Россиянинг 2024-2026 йилларга мўлжалланган қўшма ҳаракатлар режаси;

3. Қозоғистон Энергетика вазирлиги ва Россия Энергетика вазирлиги ўртасида Кокшетау иссиқлик электр станцияси, Семей иссиқлик электр станцияси ва Уст-Каменогорск иссиқлик электр станциясини қуриш лойиҳалари бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги англашув меморандуми;

4. 2024-2026 йилларга мўлжалланган Қозоғистон ва Россия ўртасида жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар режаси;

5. Қозоғистон Молия вазирлигининг Давлат даромадлари қўмитаси ва Россия Федерал божхона хизмати ўртасида ўзаро ҳамкорлик бўйича 2024-2025 йиллар учун қўшма чора-тадбирлар режаси;

6. Қозоғистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш қўмитаси ва Россия Меҳнат ва бандлик федерал хизмати ўртасида меҳнат инспекцияси масалалари бўйича ўзаро англашув ва ҳамкорлик меморандуми;

7. Қозоғистон президенти администрациясининг «Қозоғистон Республикаси президентининг телерадиокомплекси» ва «Информационное телеграфное агентство России» (ИТАР-ТАСС) ўртасида ахборот ҳамкорлиги тўғрисидаги битим.