Тошкентда немис тилида таълим берадиган биринчи университет очилиши мумкин

Ўзбекистон ва Германия Тошкентда немис тилида таълим берадиган биринчи университетнинг очилишини муҳокама қилмоқда.

Немис тилини ўрганиш марказининг очилиши билан боғлиқ масалани муҳокама қилиш доирасида Ming CHENG Institut GmbH немис коллежи раҳбари Минг Ченг Ўзбекистонга ташриф буюрди, деб хабар бермоқда “Дунё”.

Музокаралар чоғида Германия томонига мамлакатда ҳар йили 600 минг нафар ёшлар Ўзбекистон меҳнат бозорига кириши, уларнинг сони яқин 1 йил ичида 10 миллионга етиши маълум қилинди.

Ўзбекистонга ташрифи якунида Минг Ченг ТУМО ижодий технологиялар маркази асосида немис тилини ўқитиш учун тил марказини яратишга тайёрлигини билдирди. Ушбу марказда таълим олган ёшларга Германия университетларига кириш ва иш визасини расмийлаштириш имкониятини берувчи тегишли сертификат берилади.

Немис таълим муассасаси раҳбари Германия иш берувчилар билан шартномалари бор бўлган Ўзбекистон фуқароларига Германияда ишга жойлашишга кўмаклашиши мумкинлигини ҳам маълум қилди.

Ming CHENG Institut GmbH раҳбарияти Тошкентда биринчи немис тилида таълим берадиган университетни очишга тайёрлигини билдирди. Университет иқтисодиёт, технология ва бошқа соҳаларда ишлаб чиқилган дастурлар билан бир қаторда, немис тили ўқитувчиларини тайёрлайди. Ушбу таълим маскани мактаб ўқувчилари ва талабалари учун тил ўрганиш курслари ҳамда Германияда талаб қилинадиган касблар бўйича меҳнат муҳожирлари учун касбий тайёргарликни ҳам ташкил этади.