Энергетика тарифларини эркинлаштиришга қаратилган ҳужжат лойиҳаси эълон қилинди

Ўзбекистонда энергетикадаги муаммолар ечими учун зарур бўлган ислоҳот – соҳада бозор механизмларини жорий этиш мақсадида электр энергияси ва газ тарифларини либераллаштиришга тайёргарлик кўрилмоқда.

“Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор механизмларини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Лойиҳага кўра, ёқилғи-энергетика ресурсларининг 2023 йил 1 октябрдан кучга кирадиган нархлари тасдиқланиши режалаштирилмоқда. Бунда, аҳоли учун тарифлар ўзгаришсиз қолади.

Электр энергияси тарифлари ОКМК, НКМК, “Ўзметкомбинат” ва бюджет ташкилотларига 1 kWh учун 1 000 сўм, бошқа ташкилотларга 900 сўм деб белгиланиши назарда тутилган.

Табиий газ тарифлари эса ОКМК, НКМК, “Ўзметкомбинат” ва бюджет ташкилотларига 1 куб метр учун 1 800 сўм, бошқа ташкилотлар учун 1 500 сўм бўлиши таклиф этилган.

Лойиҳада аҳоли учун электр энергияси (295 сўм), табиий газ (380 сўм) ва суюлтирилган газ (1120 сўм) тарифлари амалдаги нархларда ўзгаришсиз қолиши кўзда тутилган.

Мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши билан, газ ва электр энергияси нархларини либераллаштириш бошланиши кутиляпти. Тарифлар сўнгги 4 йилдан буён ўзгармай қолаётганди. Иқтисодчиларга кўра, энергетикадаги мавжуд муаммоларни соҳада бозор механизмларини жорий этмасдан туриб тўлиқ ҳал қилиб бўлмайди. Бу эса инвесторларни жалб қилиш учун тариф ислоҳотини тақозо қилади.

Энергетика соҳасини либераллаштиришни узоқ вақтдан буён халқаро ташкилотлар ҳам ҳукуматга тавсия қилиб келади. Ҳозирда давлат энергия ресурсларини аҳолига ўз таннархидан ҳам арзонроқ даражада етказиб бериш учун триллионлаб субсидиялар ажратади ва бу билан Ўзбекистон дунё миқёсида энергетикага энг кўп субсидия ажратадиган давлатлар қаторида туради. Бироқ сунъий ушлаб турилган паст нархлар соҳага хусусий инвестицияларнинг кириб келишига тўсқинлик қилади.

Энергетикани субсидиялаш, шунингдек, ижтимоий тенгсизликни ҳам рағбатлантиради. Чунки аҳолининг даромади юқори қатлами табиий равишда кўпроқ энергия сарфлайди (масалан, кўплаб энергия сарфлайдиган техникаларни ўз ичига олган бир неча қаватли уй), даромади паст оилалар эса – камроқ. Давлат энергоресурсларни барча учун бирдек субсидиялаши натижасида, бадавлат қатлам давлатдан бир неча баробар кўпроқ миқдорда билвосита субсидия олади.

Буни 2022 йилда эълон қилинган расмий рақамлар ҳам тасдиқлайди. Унга кўра, Ўзбекистонда электр энергияси истеъмол қилувчи жами 7,3 млн абонент бор ва уларнинг 80 фоизи ойига ўртача 200 кВт соатгача электр энергиясини истеъмол қилади. Лекин, бу хонадонларнинг ҳиссасига аҳоли истеъмол қиладиган жами электр энергиясининг бор-йўғи 31 фоизи тўғри келади.

Шунингдек, табиий газга уланган 4 миллионта хонадоннинг 85 фоизи ойига ўртача 500 куб метргача табиий газ истеъмол қилади. Лекин, уларнинг ҳиссасига аҳоли жами истеъмолининг атиги 35 фоизи тўғри келади.