Жаҳонда саводсиз аҳолининг қарийб ярми Жанубий Осиёда яшайди — UNESCO

Сўнгги 50 йил ичида жаҳонда саводли инсонлар сонининг барқарор ўсиб бораётганига қарамасдан, катта қисми аёллар бўлган 763 миллион инсон ҳанузгача саводсиз ҳисобланади. 2020 йилга келиб 15 ёшдан ошган ёшлар ва ёши катталарнинг ҳар еттинчиси базавий билимларга ҳам эга эмас.

БМТнинг таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (UNESCO) маълумотларига кўра, сўнгги 50 йилда саводхонлик даражаси ошиб бориши натижасида, бутун жаҳонда айниқса ёшлар орасида базавий билимларга эга бўлмаганлар сони ўтган йилнинг ўзида 8 миллион кишига қисқарган.

UNESCO маълумотларига кўра, 2022 йилда саводсиз инсонлар сони 771 миллиондан 763 миллионгача камайган.

Шу йил UNESCO статистика институти томонидан эълон қилинган маълумотларга кўра, 2020 йилга келиб 15 ёшдан ошган ёшлар ва ёши катталарнинг ҳар еттинчиси базавий билимларга ҳам эга бўлмаган.

Саводсиз инсонларнинг катта қисми Жанубий Осиё минтақасида жойлашган. Бу минтақада саводсиз аҳолининг қарийб ярми истиқомат қилади. Африкада Саҳрои Кабирдан жанубдаги мамлакатларда бу кўрсаткич 27 фоизни қамраб олган.

Умуман олганда дунё бўйлаб саводсиз аҳолининг 10 фоизи Шарқий ва Жанубий Осиё минтақасида, 9 фоизи Шимолий Африкада, 4 фоизи Лотин Америкаси ва Кариб денгизи ҳавзасида, 4 фоизи Ғарбий Осиёда яшайди.

COVID-19 кризиси ҳам миллионлаб ёш болалар, ёшлар саводхонликни ошириш борасида дуч келаётган муаммоларни чуқурлаштирган.

UNESCO маълумотларига кўра, глобал миқёсда рўй берган пандемия ўқувчиларнинг ҳозирги авлоди умр бўйи ишлаб топадиган пулларнинг 21 трлн доллар миқдорида йўқотилишига олиб келиши мумкин.

Саводсиз инсонларнинг учдан икки қисмини қизлар ва аёллар ташкил этади.

Марказий ва Шарқий Осиёда, Шимолий Америкада, Лотин Америкасида ва Кариб денгизи ҳавзаси давлатларида саводсиз эркаклар ва аёллар ўртасидаги фарқ у қадар катта эмас. Бироқ Шимолий Африка, Ғарбий ва Жанубий Осиё ва Африканинг Саҳрои Кабирдан жанубда жойлашган давлатларида саводсизлик бўйича жинслар ўртасидаги фарқ сезиларди.

UNESCO маълумотларига кўра, дунё бўйлаб 6 ёшдан 18 ёшгача бўлган 244 миллион болалар мактабга боришмайди. Паст ва ўрта даромадли мамлакатларда 10 ёшли болаларнинг оддий матнни ҳам ўқий олмаслиги 2019 йилдаги 57 фоиздан 2022 йилда 70 фоизгача кўтарилган.

Болаларнинг, жумладан, мактабда таълим олаётган болаларнинг катта қисми базавий саводхонлик кўникмаларига ҳам эга эмас.

Бутун дунёда 15 ёшдан катта бўлган инсонларнинг 86 фоизи ўқиш ва ёзишни билади, 15 ёшдан 24 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида бу кўрсаткич 91 фоизга тенг.

Бундан ташқари, келтирилган маълумотларга кўра, 65 ёш ва ундан ошган қарияларда саводхонлик даражаси 78 фоизга тенг.

1967 йилда UNESCO 8 сентябрни Бутунжаҳон саводхонлик куни сифатида нишонлаш ҳақида қарор қилган.

Жорий йилда Бутунжаҳон саводхонлик куни «Ўтиш даврида жаҳонда саводхонликни тарқатишга кўмаклашиш: барқарор ва тинч жамиятлар учун пойдевор яратиш» шиори остида ўтказилди.

Аввалроқ UNESCO Ўзбекистонда саводхонлик даражаси 99,99 фоизга етганини маълум қилган эди.