“Болаларга нисбатан зўравонликларга кўз юмишни бас қилишимиз керак” — Шаҳноза Мирзиёева

Ўзбекистонда йил бошидан бери камида 1240 нафар бола зўравонликка, шундан 417 нафари жинсий зўравонликка учраган. Ижтимоий ҳимоя агентлиги, Адлия вазирлиги ва UNICEF болаларни зўравонликдан ҳимоялашга доир қонун лойиҳасини ишлаб чиқди. “Биз бу долзарб масала бўйича сукунатни бузмоқчимиз ва жамиятдаги муносабатни ўзгартирмоқчимиз”, – деди Шаҳноза Мирзиёева лойиҳа тақдимотида.

Бугун, 10 октябр куни Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Адлия вазирлиги ва UNICEF ҳамкорлигида “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси тақдим этилди. Бу ҳақда Gazeta.uz хабар бермоқда.

Тадбир иштирокчилари зўравонликнинг олдини олиш ва уларга қарши курашиш бўйича кўп тармоқли хизматларни ишлаб чиқиш ва жорий этишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини қабул қилиш учун “тезкор ва қатъий чоралар кўриш”га чақирди.

Ҳужжатнинг қабул қилиниши болаларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириши ва оилага маслаҳат бериш, психологик-ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ҳаётий кўникмаларни ўргатиш ҳамда хавфсиз уй-жой каби қўллаб-қувватлаш тизимларини такомиллаштириши кутилмоқда.

UNICEF томонидан яқинда ўтказилган кўп кўрсаткичли сўров шуни кўрсатдики, Ўзбекистонда 1 ёшдан 14 ёшгача бўлган болаларнинг учдан икки қисми (62%) зўравонлик билан тарбиялаш усулларига (жисмоний жазо, психологик тажовуз) учраган, 15−19 ёшдаги қизларнинг 33 фоизи эр ўз хотинини уришга ҳақли деб ҳисоблайди.

Ўзбекистонда 2023 йилнинг 9 ойида вояга етмаганларга нисбатан 1240 та зўравонлик ҳолати қайд этилган бўлса, шундан 417 таси жинсий зўравонликдир, деди президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева.

“Оилавий зўравонлик ҳолатлари кўпайиб бораётгани даҳшатли. Тасаввур қилинг, жорий йилнинг 9 ойида қариндошлар, жумладан, яқинлар томонидан болаларга нисбатан 166 та зўравонлик ҳолатлари қайд этилган. Афсуски, ҳатто расмий статистика ҳам кўламни объектив баҳолашга имкон бермайди. Ҳақиқий ҳолат бундан ҳам баттар”, -дея Мирзиёеванинг сўзларини келтирмоқда Gazeta.uz.

“Зўравонлик қурбони бўлган болалар одатда зўравонликка дучор бўлганликлари ҳақида хабар бермайдилар. Кўпинча улар қўрқув, уят ҳисси ёки оилага садоқат ҳисси сабаб содир бўлган ҳолат ҳақида индамайди. Айниқса, зўравон болага энг яқин одамлардан бири бўлса”, – деди Шаҳноза Мирзиёева.

Унинг таъкидлашича, мактаб, оилада болаларга нисбатан зўравонлик қилингани маълум бўлса ҳам, одамлар ҳалигача бола тақдирига бефарқлик билан қарайди, бу ҳақда васийлик, ҳомийлик ва ҳуқуқ-тартибот органларига хабар беришмайди.

Ижтимоий ҳимоя агентлиги расмийсининг қўшимча қилишича, интернетга кириш имконияти ортиб бораётгани сабабли, болаларга нисбатан зўравонликнинг кибербуллинг ва онлайн жинсий эксплуатация каби янги шакллари вужудга келмоқда. Зўравонлик ҳолатлари “қўрқинчли ва кўпинча боланинг ҳаётини ўзгартириб юборадиган” оқибатларга олиб келади.

“Шунингдек, ҳуқуқ-тартибот идоралари эътиборини зўравонлик профилактикасини кучайтириш, жавоб чораларини яхшилаш ва зўравон билан ишлаш зарурлигига қаратмоқчиман. Биз бу муаммога кўз юмишни бас қилишимиз керак”, – деди Шаҳноза Мирзиёева.

“Биз ушбу долзарб масала бўйича сукунатни бузмоқчимиз ва жамиятдаги муносабатни ўзгартирмоқчимиз”, – дея қўшимча қилди у.

Ижтимоий ҳимоя органи директорининг биринчи ўринбосари болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасида нималар акс этиши кераклиги бўйича ўз таклифларини айтиб ўтди.

1. Болаларга нисбатан зўравонлик содир этган шахсларга нисбатан чораларни тубдан кучайтириш. “Болаларга нисбатан жинсий зўравонликнинг олдини олиш бўйича янада қатъий чораларни жорий этиш бўйича халқаро тажрибани ўрганиш вақти келди. Масалан, бир қатор мамлакатларда ихтиёрий ва мажбурий кимёвий кастрация, шунингдек, жинсий зўравонлик содир этган шахсларни умрбод кузатиб бориш учун билагузуклар жорий қилинган, хавфли шахсларнинг реестри оммага эълон қилинган. Мен ушбу масалани ўрганиб, барча фикр-мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда тегишли таклифлар ишлаб чиқишни таклиф қиламан”, – деди Шаҳноза Мирзиёева.

2. Зўравонлик ҳолатлари бўйича фактларни яшириш ёки мурожаатларга жавоб бермаслик ҳолатларида мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини кучайтириш. “Биз биламизки, афсуски, бу тез-тез содир бўлмоқда”, – деди у.

3. Зўравонлик хавфи остида бўлган болалар, шу жумладан ота-онаси узоқ вақт йўқ бўлган болалар, меҳнат мигрантларининг фарзандлари рўйхатини кенгайтириш.

4. Янги ижтимоий хизматнинг вазифаларини ҳамда унинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа органлар билан болалар ҳуқуқларини таъминлаш нуқтайи назаридан ўзаро муносабатларини аниқ белгилаш.

5. Ҳимоя ордери бериш вақтини қисқартириш ва зўравонлик ҳолатларига муносабатни яхшилаш.

6. Барча босқичларда зўравонлик қурбонлари ҳақидаги маълумотларнинг махфийлигини таъминлаш.

7. Долзарб мавзу – буллингга эътибор бериш керак.

Шаҳноза Мирзиёева жорий йилнинг 9 ойида зўравонлик оқибатида 22 нафар бола ҳалок бўлганини таъкидлади.

“Уларни энди қайтариб бўлмайди. Нажот топиши мумкин бўлган болаларга ёрдам бериш учун бугун муҳокама қилинаётган қонунни қабул қилишни тезлаштириш жуда муҳим, деб ҳисоблайман”, – деди у.

Давра суҳбатида илк бор Тошкентга ташриф буюрган UNICEFнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Регина Де Доминикис ҳам сўзга чиқди.

“Бу қонун қабул қилинса, Ўзбекистон фарзандларининг ҳаётини ўзгартириши, уларни ҳимоя қилиши, ўқитиш ва ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш имконини бериши мумкин. Қонун лойиҳасининг мақсади болаларни ҳимоя қилишнинг энг юқори стандартларини акс эттиради, бу шунчаки қоғоздаги сўзлар эмас, балки Ўзбекистондаги барча болалар ҳаётини ўзгартирувчи кучдир”, деди у.

Олий суд ахборот хизмати Kun.uz’га 2023 йилнинг ўтган 6 ойи давомидаги суд ҳукмлари асосида йиғилган статистикани тақдим этди. Унга кўра, ушбу даврда:

  • 15 нафар шахс 14 ёшга тўлмаган шахснинг номусига теккан;
  • 44 нафар шахс 14 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан зўрлик ишлатиб, қўрқитиб ёки жабрланувчининг ожизлигидан фойдаланиб, жинсий эҳтиёжини ғайритабиий усулда қондирган;
  • 163 нафар шахс 16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилган;
  • 35 нафар шахс 16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилган.