Шавкат Мирзиёев: Сурхондарёдаги барча мактаблар замонавий компьютер синфлари ва интерактив доскалар билан жиҳозланади

ЎзЛиДеПдан президентликка номзод Шавкат Мирзиёев сурхондарёлик сайловчилар билан учрашувда вилоятда таълимни ривожлантириш, уй-жой ва йўл қурилиши, сув таъминотига оид режалари ҳақида тўхталди.

Таълим

Шавкат Мирзиёевнинг таъкидлашича, Сурхондарё вилоятида мактабгача таълим қамрови 2 мингта янги давлат ва хусусий боғчалар ташкил этиш ҳисобига ҳозирги 60 фоиздан 100 фоизга етказилади. Замонавий мактаблар барпо этиш, уларнинг қувватини ошириш, хусусий секторга шароит яратиш ҳисобига эса 2030 йилга қадар қўшимча 100 мингдан ортиқ ўқувчи ўрни яратилади.

Шу билан бирга, вилоятдаги барча мактаблар замонавий компьютер синфлари ва интерактив доскалар билан жиҳозланади.

Уй-жой қурилиши

Келгуси етти йилда вилоятда 1,5 мингта кўп қаватли уйларда 50 минг оила шинам уй-жойга эга бўлади.

Бунга барча манбалар ҳисобидан 1 миллиард доллар йўналтирамиз. Мисол учун, Ангор, Бойсун, Жарқўрғон, Сариосиё ва Термиз туманларидаги “Янги Ўзбекистон” массивларида 300 та кўп қаватли уй-жойлар қурилиши натижасида, 12 мингта оила уй-жой билан таъминланади. Вилоятда 2030 йилгача 4 минг километр ички йўллар таъмирланади ҳамда 35 та кўприклар янгидан қурилади”, деди номзод.

Сув таъминоти

Номзоднинг сайловолди дастурига кўра, Германиянинг “КФВ” банкидан жалб қилинган 100 миллион доллар сармоя ҳисобига Термиз шаҳрида оқова сув тизими таъмирланади. Саудия тараққиёт жамғармаси ёрдамида эса Сариосиё, Денов ва Жарқўрғонда оқова сув тизимлари қурилади.

Хабарингиз бор, “Тўпаланг” сув омборидан Сурхондарё аҳолиси учун ичимлик сувини олиб келиш бўйича катта лойиҳани бошладик. Бу лойиҳа кейинги йилда тўлиқ якунланади. Натижада, ҳудуд аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 90 фоизга етказилади. Умуман, вилоятдаги ичимлик ва оқова суви лойиҳаларига 460 миллион доллар ажратилади”, деди Шавкат Мирзиёев.