Шавкат Мирзиёев: Қашқадарёдаги эҳтиёжманд оилага мансуб 20 минг талабага контракт пуллари тўлаб берилади

Ўз бизнесини ижарага олинган бинода бошлаётган ёшларга бир йиллик ижара харажатининг 50 фоизи қоплаб берилади. Талабалар учун давлат ташкилотларида иш ҳақи тўланадиган стажировка тизими жорий қилинади.

Қашқадарёлик сайловчилар билан учрашиш учун вилоятда бўлиб турган президентликка номзод Шавкат Мирзиёев келгуси етти йилда таълим, тиббиёт ва йўл инфратузилмасини ривожлантиришга оид режалари билан бўлишди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Таълим

Номзодга кўра, 2030 йилга қадар вилоятда:

  • мактабгача таълим соҳасига 1,3 трлн сўм маблағ ажратиш ҳисобига қамров юз фоизга етказилади;
  • олис ва чекка ҳудудларни мактабгача таълим билан қамраб олиш учун 1 минг 500 ўринли 28 та мобиль гуруҳ ташкил этилади;
  • боғчаларда 12 ўринли 350 та бир йиллик бепул тайёрлов гуруҳлари ва 50 та қисқа муддатли гуруҳлар тузилади.

Мактаб таълимида эса келгуси етти йилда қўшимча 130 минг ўқувчи ўрни яратилади, вилоятда ўқувчиси 30 нафардан ортиқ бўлган синфлар қолмайди (ҳозирда 4 мингдан зиёд синфда 35 та бола ўқийди).

Шунингдек, 237 та мактаб мукаммал таъмирланади, 591 та мактаб замонавий ўқув анжомлари, лаборатория ва компьютерлар билан жиҳозланади.

Соғлиқни сақлаш

Тиббиёт соҳасида 37 та поликлиника, 95 та оилавий шифокорлик пункти ташкил этилади, даволаш ўринлари 12 мингтага етказилади. Қарши шаҳридаги тарқоқ 5 та шифохона негизида “Она ва бола” кластери барпо этилади. Нишон, Чироқчи, Косон, Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарларида замонавий туғуруқ комплекслари қурилади (550 даволаш ўрни).

Келгуси йилларда 800 нафар эҳтиёжманд аёллар ва уларнинг вояга етмаган фарзандларини даволаш харажатлари давлат томонидан қоплаб берилади”, – деди номзод.

Транспорт инфратузилмаси

Шавкат Мирзиёевга кўра, Қашқадарё шаҳар жамоат транспорти учун 100 та замонавий электробус олиб келинади, электромобиллар учун 200 та зарядлаш станциялари қурилади. Бу мақсадлар учун 30 миллион доллар жалб қилинади.

Халқаро молия ташкилотлари билан бирга:

— “Қарши – Шаҳрисабз – Китоб” ва “Самарқанд – Қарши” йўллари капитал таъмирланади (177 километр);

— “Олмаота – Бишкек – Тошкент – Шаҳрисабз – Термиз” йўлининг Қашқадарё ҳудудидан ўтувчи 60 километр қисми реконструкция қилинади.