Энергетика вазири: Табақалаштирилган тарифларга ўтишдан олдин таъминот узлуксиз бўлишига эришишимиз керак

2024 йилнинг май ойидан бошлаб аҳолига электр энергияси етказиб беришда табақалаштирилган тарифлар жорий қилиниши мумкин. Бу – бадавлат аҳолининг давлат бюджети ҳисобидан арзон электр энергиясидан фойдаланишига чек қўяди.

Бугун, 11 сентябр куни энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов иштирокида ОАВ вакиллари билан очиқ мулоқот ўтказилди.

Маълум қилинишича, аҳоли учун электр энергияси тарифларини ошириш ҳамда табақалаштирилган тарифларни жорий қилиш бўйича таклифлар киритиш 2024 йилнинг май ойига режалаштирилган. Вазир лойиҳа киритилишининг асосий шарти сифатида давлат истеъмолчиларни электр энергияси билан барқарор таъминлай олиши кераклигини алоҳида қайд этди.

“Ҳозир эълон қилинган лойиҳада фақат юридик шахслар учун янги тарифлар белгиланиши назарда тутилган, лекин аҳоли учун нархлар ўзгартирилмаяпти.

Аҳоли учун табақалаштирилган тарифларни белгилашдан олдин биз энг аввало узлуксиз электр энергияси етказиб беришни таъминлашимиз керак. Яъни нарх ошса-ю, лекин электрда узилиш бўлаверса, аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлади. Шу сабабли биз ҳозирда генерацияларни ошириш, тармоқларни модернизация қилиш ишларини жадаллаштиряпмиз.

Агар узлуксиз электр етказиб беришни таъминлай олсаккина, аҳоли учун электр энергиясида табақалаштирилган тарифларни 2024 йилнинг 1 майидан жорий қилиш бўйича лойиҳани ҳукуматга киритишни режалаштиряпмиз. Лекин бу айнан шу кундан нарх ошади, дегани эмас, ҳозирча барчаси лойиҳа, холос.

Табақалаштирилган тариф деганда белгиланган ижтимоий нормадан кўп электр истеъмол қилаётган, айтайлик уйида бассейни, саунаси, кўплаб маиший техникалари бор хонадонлар, яъни нисбий олганда бой ва ўзига тўқ хонадонлар учун нарх ошади, дегани. Ҳозир аҳолининг 15 фоизи ойига 300 kWh дан ортиқ электр энергиясини истеъмол қилади. 75 фоиз аҳолининг истеъмоли эса ўртача 200 kWh дан ошмайди”, – деди Жўрабек Мирзамаҳмудов.

Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, жорий йилнинг 25 июль ҳолатига жисмоний шахс бўлган абонентларнинг 74,9 фоизи ойига 200 kWh гача электр энергиясидан фойдаланган. 201 kWh дан 300 kWh гача истеъмол қиладиган абонентларнинг улуши эса 9,7 фоизни ташкил қилган.

Таъкидлаш лозим, давлат субсидияси ҳисобига арзон ушлаб турилган нархлар бой-у камбағал учун бирдек бўлиши нотўғри, арзонлаштирилган нархлар манзилли равишда ҳақиқатан эҳтиёжманд аҳолига етиб бориши лозим.

Юқоридаги статистик рақамлар шуни кўрсатмоқдаки, аҳолининг 84,6 фоизи етказиб берилаётган электр энергиясининг бор-йўғи 37 фоизини истеъмол қилмоқда. Кўриниб турибдики, баъзи аҳоли қатлами давлат томонидан ажратилаётган субсидиядан жудаям кўп миқдорда фойдаланмоқда.

Бошқача айтганда, ҳозирда “свет” ва газдан фойдаланаётган ҳар бир истеъмолчига бюджетдан компенсация тўланяпти, бу эса ким қанча кўп энергия истеъмол қилса, унга шунча кўп компенсация тўланади дегани.

Бу, бир томондан, сезиларли кўп энергия ишлатадиган даромади юқори қатламнинг харажатлари барчанинг елкасига “сочиб юборилиши” (оддий тилда айтганда, бойларнинг камбағаллар ҳисобидан арзон электр ва газдан фойдаланиши)га, бошқа томондан истеъмолчиларда энергияни тежаш учун рағбат бўлмаслигига олиб келади.