Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришгандан сўнг 1991 йилда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташкил этилди ва мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларда фаол иштирок эта бошлади. Касаба уюшмалари Федерацияси шахс ривожи ва эмин-эркин ҳаётини таъминловчи, ижтимоий ҳамкорлик тизимини ривожлантирувчи, касаба уюшмалари, иш берувчилар бирлашмалари ҳамда ҳукумат ва ижро аппарати органлари орасидаги уч томонлама шериклик принципларини амалга оширишга, ўзбек халқи фаровонлиги ва турмуш даражаси яхшиланишига қаратилган давлат ижтимоий дастурларида фаол қатнашиб келмоқда.

Мазкур ишларни юқори даражада амалга ошириш учун касаба уюшмалари Федерацияси олдида касаба уюшмалари кадрларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш дастурини амалда татбиқ этиш эҳтиёжи пайдо бўлди. Мазкур вазифани бажариш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг 1996 йил 16 мартдаги Раёсат қарорига мувофиқ касаба уюшмалари кадрлари малакасини ошириш ва қайта тайёрлашни ривожлантириш учун Ўқув маркази ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 15 сентябрдаги “Нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3276-сон қарорига асосан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимида таълим хизматлари кўрсатиш сифатини ва касаба уюшмалари ўқуви тизими самарадорлигини янада ошириш, касаба уюшмаларида ишлаётган кадрлар ва фаолларни кун талабига жавоб берадиган даражада малакаларини ошириб борилишини таъминлаш ҳамда “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Ўқув маркази” нодавлат таълим муассасаси фаолиятини ривожлантириш мақсадида Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Раёсатининг 2020 йил 8 январдаги 17-05 “с” сонли қарорига асосан “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Ўқув маркази” нодавлат таълим муассасаси “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг малака ошириш институти” нодавлат таълим муассасаси этиб қайта ташкил этилди. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг малака ошириш институти” нодавлат таълим муассасаси тўлиқ фаолият юритиши учун унга  13.03.2020 йилда  ЛИЦЕНЗИЯ  № КМО 0622 берилди.

Институт ўз фаолиятининг асосий мақсади сифатида даромад олишни кўзда тутмайдиган нотижорат ташкилот бўлиб, унинг таъсисчиси Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳисобланади.

Институт фаолиятининг асосий мақсади ижтимоий-меҳнат соҳасида касаба уюшмалари кадрлари ва фаоллари, шунингдек мулкчилик шаклидан қатъий назар корхона, ташкилот, муассасалар мутахассисларининг малакасини ошириш ҳамда спорт-соғломлаштириш ишларини олиб боришдан иборат.

 Малака ошириш институти ўз мақсадларига эришиш учун қуйидаги фаолиятни амалга оширади:

Ўзбекистон касаба уюшмалари кадрлари ва фаоллари, шунингдек буюртмаларга, шартномаларга мувофиқ мулкчилик шаклидан қатъи назар республикадаги корхона, ташкилот, муассасалар мутахассисларининг, хорижий давлатлар касаба уюшмалари мутахассисларининг ижтимоий-меҳнат соҳасидаги билимларини янада ошириш, уларга янги билимлар беришга қаратилган ўқув курсларини ташкиллаштириш;

ижтимоий – меҳнат соҳасига оид муаммоларни ўрганиш, таҳлил қилиш, уларни хал этиш юзасидан тавсиялар тайёрлаш;

ўқув жараёнига илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этган ҳолда таълим жараёнининг юқори самарадорлигини таъминлаш, тингловчиларда мустақил фикрлаш кўникмаларини ривожлантириш;

касаба уюшмалари ўқуви тизимининг ҳолатини мунтазам равишда мониторинг қилиб бориш, уни такомиллаштириш бўйича тавсияларни тайёрлаш;

касаба уюшмалари ташкилотлари ҳудудий бирлашмаларига ўқув аудиторияларини талаб даражасида жиҳозлаш, қисқа муддатли ўқув курсларини ташкил  қилишда амалий ҳамда услубий ёрдам кўрсатиш, уларнинг бу борадаги фаолиятини мувофиқлаштириб бориш;

масофавий таълим портали орқали касаба уюшмалари кадрлари ва фаолларини ўқувини ташкил этиш;

институт ахборот кутубхонаси фаолиятини ривожлантириш;

имзоланган шартномалар ёки ўзаро келишувлар асосида хорижий давлатлар касаба уюшмалари кадрлари малакасини ошириш, шунингдек хорижий давлатлар касаба уюшмалари марказларининг турдош таълим муассасаларида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кадрлари ва фаоллари, ўқитувчи-тренерларни малакасини ошириш;

Таъсисчи билан келишган ҳолда ёки унинг топшириғига кўра хорижий давлатларнинг касаба уюшмалари марказлари, халқаро ташкилотлар томонидан ўтказилаётган симпозиумлар, конференциялар, давра суҳбатлари, семинарларда Институт вакилларининг иштирокини таъминлаш;

ўзаро келишув асосида корхона ва ташкилотларда ходимлар ва мутахассисларнинг меҳнат ҳуқуқи, меҳнат муҳофазаси, ижтимоий шериклик, ижтимоий мулоқот, ҳуқуқий ҳимоя соҳасидаги долзарб масалалар юзасидан билимларини оширишга қаратилган қисқа муддатли ўқув курслари, давра суҳбатлари, семинарлар ташкил қилиш мумкин.