«Газпром» Марказий Осиё билан 15 йиллик «ҳамкорлик уфқи»га ўтмоқчи

Компания минтақа мамлакатлари билан узоқ муддатли ҳамкорликни кўзламоқда.

Россия Қозоғистон, Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари билан газ саноати соҳасида 15 йиллик «ҳамкорлик уфқи»га ўтишга интилади. Бу ҳақда Газпром раҳбари Алексей Миллер маълум қилди.

«Агар олдин газ саноатидаги ҳамкорлигимиз қисқа муддатли деб аталган бўлса, энди биз ўз олдимизга 15 йиллик уфққа эришиш вазифасини қўйдик», деди Миллер.

«Газпром» раҳбари журналистнинг совет даврида газ Марказий Осиёдан Россияга етказилган, ҳозир эса аксинча, деган саволига ҳам жавоб берди. Унинг сўзларига кўра, бунинг сабабларидан бири ҳозир газ ишлаб чиқариш ҳажми бўйича дунёда биринчи ўринни эгаллаган Россия ресурс базасининг кенгайишидир.

«Иккинчидан, шуни тушунишимиз керакки, Марказий Осиё республикалари айни пайтда жуда жадал ривожланмоқда. Биз ўсиш суръатини жуда яхши тушунамиз», деб қўшимча қилди у.

«Газпром» раҳбари ноябр ойи бошида Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистонга газ етказиб бериш ҳажмини оширишга тайёрлигини, шунингдек, янги йўналишлар, мавжуд қувватларни кенгайтириш ва газлаштириш масалаларини муҳокама этишини маълум қилди. Ҳозир бу мамлакатларга Россия газини етказиб бериш ҳажми кичик, аммо таҳлилчиларнинг фикрича, 2030 йилга бориб, минтақага экспорт қилиш салоҳияти 20 миллиард м.куб.гача ўсиши мумкин.